"EMMM" DUK yangiliklari

МУРУВВАТ УЙЛАРИ “ЭМММ” ДУК ЭЪТИБОРИДА

Сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш борасида кенг миқёсли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида 2021 йил 25 март куни ПФ-6195-сон Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармон доирасида “ЭМММ” ДУК томонидан Республикамиз вилоятларида жойлашган мурувват уйларида яшовчи инсонлар ҳолидан хабар олиш мақсадида “Сиз доим бизнинг эътиборимиздасиз!” номли акцияси старт олди.

 

Акция доирасида дастлабки ташкил этилган тадбир жорий йилнинг 18 май куни Сирдарё вилояти Янгиер шаҳридаги “Мурувват” интернат-уйида яшовчи аёллар ҳолидан хабар олиш, маънавий ва моддий қўллаб – қувватлаш билан бошланди.

Акция тадбирида интернат уйида истиқомат қилувчи аёлларга “ЭМММ” ДУКда ишловчи ходимлар ҳамда корхона Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси И.Пиримходжаева ва маънавият-маърифат ишларига масъул Д.Тўйчиевалар ташаббуси билан олинган совғалар, санитария-гигиена воситалари ва кийим-кечаклар тақдим этилди.

– Давлатимизга, қолаверса, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келаётган барча давлат ва нодавлат ташкилотларига, шу жумладан, “ЭМММ” ДУКнинг раҳбарияти ва барча ташаббускор ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман, – дейди интернат уйининг директори Нафиса Шарипова.

Акция доирасида “ЭМММ” ДУК ходимлари мурувват уйида яшовчи инсонлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.

Меҳр, мурувват бу – биз бир- биримизга беришимиз зарур бўлган энг муқаддас туйғу. Бу туйғуни ҳамма баб-баравар сезади. Хоҳ ёш бўлсин, хоҳ кекса, хоҳ соғлом бўлсин-у хоҳ хаста. Бу ерда меҳнат қилаётган жамоанинг ҳар бир ходими мана шу эзгулик билан ёнма-ёндир.

Сирдарё вилоятидан бошланган ушбу савобли амалларга йўғрилган эзгулик тадбирлари Республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам уюшқоқлик билан давом эттирилишига ишонамиз.

Зеро савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак, ўзаро меҳр- оқибатли, аҳиллик ва тотувлик, эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, етим болаларни бошини силаш ҳамда меҳр-муҳаббатли бўлиш донишманд халқимизнинг асрий урф-одатларидан биридир.


 

Сирдарё вилояти ЭММХ маънавият ва маърифат
ишлари маъсул ходими О.А.Остонақулов

Faylni tanlang