"EMMM" DUK yangiliklari

Тил – давлат тимсоли, мулки, миллат руҳидир

Миллий онг ва тафаккур маҳсули, маънавий муштараклик тил орқали рўёбга чиқади. Маънавият кўзгуси – давлат тилига бўлган муносабат халқнинг миллат тақдирига бўлган муносабатини ҳам ифодалайди.

Юртимизда 21 октябрь – “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилингани ҳақидаги хушхабарни бутун халқимиз, миллатимиз ғоят мамнуният билан кутиб олди. Пойтахтимиздаги муҳташам Халқаро Конгресс марказида Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тадбирда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг нутқи кенг жамоатчилик орасида катта қизиқиш уйғотди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан юртимизда 21 октябрь – “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилингани барчамизга ғурур бахш этди. Миллатпарвар зиёлилар, тилимиз фидойиларининг жонкуярлиги натижасида 1989 йил 21 октябрь куни қабул қилинган қонунга асосан, ўзбек тили мамлакатимизда давлат тили мақомига эга бўлди. Мустабид тузум даврида ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши Ватанимиз мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил қадам эди. Бугунги кунда мамлакатимизда шаклланган одил ва холис тил сиёсати натижасида ўзбек тили нуфузли минбарлардан янграмоқда, хорижий мамлакатларда ўзбек тилини ўрганишга иштиёқ тобора кучаймоқда. Тилимизнинг сеҳру жозибаси, аввало, ана шу тилнинг яшовчанлигида, унда яратилган бадиий адабиётда намоён бўлади. Шу боис ўзлигини таниган ҳар бир миллат она тили ва адабиётини асраб-авайлайди, унинг ривожи йўлида бор куч-салоҳиятини сафарбар этаверади. Ҳар бир халқнинг она тили унинг миллий руҳи ва ўзлигининг, миллий ғоясининг асосини ташкил этади. Бу ғояни барча талабалар қалбига теран сингдириб олиши зарур.

Мустақиллик йилларида она тилимизнинг мақомини тиклаш, ўзбек тилини кенг истеъмолга киритиш маънавий соҳадаги ислоҳотларнинг ўзагига айлангани, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлар ва қарорлар ўзбек тилида ёзилгани, таълим масканларида ўзбек тилини ўқитиш, она тили воситасида ёш авлод онгига миллий ғурур-ифтихор туйғуларини сингдиришга алоҳида эътибор қаратилгани, ўзбек тилининг халқимиз, жамиятимиз ривожидаги муҳим роли билан боғлиқ тадқиқотлар олиб борилгани, изоҳли луғатлар, қомуслар яратилгани ўзбек тили яна ўз ривожланиш майдонига қайтганидан далолатдир.

Тил тирик экан, миллат барҳаёт. Шундай экан, она тилимизни асраш, унга бўлган ҳурмат ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.


 

ЭМММ ДУК матбуот хизмати

Faylni tanlang