"EMMM" DUK yangiliklari

Меҳнат қилган эъзоз топади

Қаюмов Ниёз Рашидович “Электромагнит мослашув маркази” ДУК Қашқадарё вилояти Электромагнит мослашув ҳизматида узоқ йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келаётган тажрибали ходимлардан бири ҳисобланади.

Ниёз Рашидович 1958 йил 5 октябрда Қарши шаҳрида таваллуд топган. 1975-1978 йиллар давомида Қарши шаҳар ўрта маҳсус билим юртида таҳсил олгач, 1978-1980 йилларда Белорусия Республикасида ҳарбий хизматни ўтаб келди.

У ўз фаолиятини 1980 йилда Қарши шаҳридаги 19-автосаройда ҳайдовчи сифатида бошлаган. 1986 йилда Чернобил АЭС фожиаси оқибатларини бартараф этишда ҳам иштирок этган.

Н.Р.Қаюмов Қашқадарё вилояти Электромагнит мослашув ҳизматидаги фаолиятини 1995 йилда бошлаган. Корхона раҳбарияти унинг профессионал ҳайдовчи эканлигини ҳисобга олиб, унга “Фольксваген” русумли махсус мобиль ўлчов автомашинасини бошқаришни топширди. У мутахассислар билан хизмат сафарлари пайтида ноқонуний радиоэлектрон воситаларининг вилоят ҳудудида сотилиши ва эксплуатация қилинишига қарши қидирув ишларини амалга оширишда ҳайдовчилик вазифасини аъло даражада бажариб келмоқда.

Ниёз Қаюмов ўзининг кўп йиллик меҳнати, касбий ва ҳаётий бой тажрибага эга эканлиги билан жамоа орасида катта ҳурмат-эътибор қозонган.

Ниёз Рашидович уч нафар фарзанднинг отаси, икки неваранинг меҳрибон бобоси.

Халқимизнинг меҳнат қилган эъзоз топади деган доно нақли бор. Ниёз Қаюмовнинг ҳам самарали меҳнати эътибордан четда қолмади. Яъни жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами арафасида Каюмов Ниёз Рашидович “Ўз касбининг устаси” белгиси билан тақдирланди.

 

Муаллиф: Қашқадарё вилояти ЭММ ҳизмати бошлиғи А.Р.Наджимов

Faylni tanlang